Sirdaryo viloyati sardoba suv ombori

Сирдарёда Сардоба сув омборидан сув тошиб чиқди, Қўрғонтепа аҳоли пункти эвакуация қилинди

Сирдарё вилоятида 1 май куни соат 05:55 да Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур вазият бўйича зудлик билан Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Қўрғонтепа аҳолисини «Бирлик» маҳалласига вақтинча эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, жиддий талафотлар ҳам кузатилмаган.

Сардоба сув омбори ҳақида

Президент матбуот хизматининг 2017 йил 17 майдаги ахборотидан:

«Президентимиз дастлаб Сардоба сув омбори қурилишининг бориши билан танишди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудудда сув омбори бунёд этила бошланган эди. Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин. Сардоба сув омбори ҳудуддаги деҳқон ва фермерларга бу борада катта имкониятлар яратади, деди давлатимиз раҳбари».

Читайте также:  Автомобиль suzuki sx4 2008

Эслатиб ўтамиз, Гидрометеорология хизматининг берган маълумотига кўра, жорий йилнинг 1—2 май кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Каспий денгизининг жанубий туманлари устида шаклланган нам ҳаво оқими кириб келиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Унда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида кучли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, шамолнинг тезлиги сониясига 15-20 метргача кучайиши, айрим жойларда эса 23-28 метргача етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида юзага келган табиий офат оқибатида сел қорамол подасини оқизиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Источник

Sirdaryoda Sardoba suv omboridan suv toshib chiqdi, Qo‘rg‘ontepa aholi punkti evakuatsiya qilindi

Sirdaryo viloyatida 1-may kuni soat 05:55 da Sardoba suv ombori to‘g‘onining 6-piket devorida suv chiqishi yuzaga kelgan. Oqibatda Sardoba tumani Qo‘rg‘ontepa aholi yashash punktiga suv kirgan. Bu haqda Favqulodda vaziyatlar vazirligi xabar bermoqda.

Qayd etilishicha, mazkur vaziyat bo‘yicha zudlik bilan Sirdaryo viloyati Favqulodda vaziyatlar boshqarmasi va favqulodda vaziyatlarda ularning oldini olish va harakat qilish davlat quyi tizimiga kiruvchi tashkilotlar bilan hamkorlikda Qo‘rg‘ontepa aholisini “Birlik” mahallasiga vaqtincha evakuatsiya qilish ishlari olib borilmoqda.

Dastlabki ma’lumotlarga ko‘ra, qurbonlar va jarohatlanganlar yo‘q, jiddiy talafotlar ham kuzatilmagan.

Sardoba suv ombori haqida

Prezident matbuot xizmatining 2017-yil 17-maydagi axborotidan:

“Prezidentimiz dastlab Sardoba suv ombori qurilishining borishi bilan tanishdi.

Shavkat Mirziyoyev tashabbusi bilan 2010-yilda Janubiy Mirzacho‘l kanalining markaziy tarmog‘i o‘tgan hududda suv ombori bunyod etila boshlangan edi. Joriy yilda qurilishi yakunlanadigan gidroinshootda 922 million kub metr suv to‘planadi. Bu Sirdaryo va Jizzax viloyatlaridagi unumdor yerlardan foydalanish, qishloq xo‘jaligi ekinlari hosildorligini oshirish imkonini beradi.

Ko‘p tarmoqli fermer xo‘jaliklarini rivojlantirmoqdamiz, odamlar takroriy ekin ekib, qo‘shimcha daromad topsin. Sardoba suv ombori hududdagi dehqon va fermerlarga bu borada katta imkoniyatlar yaratadi, dedi davlatimiz rahbari”.

Eslatib o‘tamiz, Gidrometeorologiya xizmatining bergan ma’lumotiga ko‘ra, joriy yilning 1—2-may kunlari O‘zbekiston hududiga Turkmaniston orqali Kaspiy dengizining janubiy tumanlari ustida shakllangan nam havo oqimi kirib kelishi kutilayotgani haqida xabar berilgan edi.

Unda Buxoro, Navoiy, Qashqadaryo, Surxondaryo, Samarqand viloyatlarida kuchli yomg‘ir yog‘ishi, momaqaldiroq bo‘lishi, shamolning tezligi soniyasiga 15-20 metrgacha kuchayishi, ayrim joylarda esa 23-28 metrgacha yetishi mumkinligi haqida ogohlantirilgan.

Avvalroq Jizzax viloyatining Sharof Rashidov tumanida yuzaga kelgan tabiiy ofat oqibatida sel qoramol podasini oqizib ketgani haqida xabar berilgan edi.

Источник

Sardoba suv omboridan suv chiqishi to‘xtatildi

Sirdaryo viloyatida joylashgan Sardoba suv omboridan suv chiqish hodisasi to‘xtatildi. Bu haqda FVV matbuot xizmati xabar bermoqda.

Avvalroq Sardoba suv omboridan suv chiqishi kamaygani xabar berilgan edi. Toshqin oqibatlarini bartaraf etish uchun suv oqimlari Oqoltin tumani hududidan o‘tuvchi Abay kanaliga tushirilib, Jizzax viloyatidagi Arnasoy ko‘liga yo‘naltirilgan.

Sardobada sodir bo‘lgan suv toshqini viloyatning boshqa hududlarida kuzatilmagan. Hukumat komissiyasi tomonidan suv toshqini oqibatlarini bartaraf etish, evakuatsiya qilingan aholiga zarur shart-sharoitlarni yaratish bo‘yicha qator choralar ko‘rilmoqda.

Eslatib o‘tamiz, 1-may kuni soat 05:55 da Sirdaryo viloyatida joylashgan Sardoba suv ombori dambasining 6-piket devorida suv chiqishi yuzaga kelgandi. Oqibatda Sardoba tumani Qo‘rg‘ontepa aholi yashash punktiga suv kirgan. Bunda, asosan, suv ekin maydonlariga zarar yetgan.

Sardoba tumanidagi suv ombori atrofida joylashgan “Qo‘rg‘ontepa”, “Do‘stlik”, “Yurtdosh” mahalla fuqarolar yig‘inlaridan jami 11 598 nafar aholi viloyatning Mirzaobod tumaniga evakuatsiya qilindi. Ular Jizzaxdagi maktab va kollejlarga joylashtirilmoqda.

Hodisa joyiga zudlik bilan bosh vazir Abdulla Aripov yetib borgan. Suv ombori atrofidagi xavf hududidan 11,5 mingdan ziyod aholi ko‘chirilgan, yana uchta mahalla ko‘chirilishi ko‘zda tutilgan.

Prezident Shavkat Mirziyoyev ham 1-may kuni voqea joyiga zudlik bilan vertolyotda yetib bordi. Prezident vertolyoti qo‘ngan joyning o‘zida mahalliy jamoatchilik vakillari bilan uchrashib, suhbatlashgan.

Источник

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиш сабаблари аниқланди

Ўзбекистон Бош прокуратураси 1 май куни юз берган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида дастлабки терговга оид маълумотларни эълон қилди.

Аниқланишича, сув омбори 2010—2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи — «УзГИП» МЧЖ, бош пудратчи — «Ўзтемир йўлқурилишмонтаж» УК («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ) танланган. Сув омбори қурилишига давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм сарфланган.

Сув омборидан фойдаланиш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси» томонидан амалга оширилган.

Дастлабки терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги асосий тахминлар текширилган: лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш жараёнида меъёрларга риоя қилмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар, табиий офат.

Мазкур 4 та тахмин тегишли экспертиза муассасаси экспертларидан ва гидротехник иншоотларни лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш, қурилиш экспертизаси, тупроқ ва сувнинг хоссалари ва бошқа бир қатор масалага дахлдор соҳаларга мансуб 30 нафар мутахассисдан иборат комиссия ёрдамида текширилди.

Экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

Лойиҳа ҳужжатларидаги хато ва камчиликлар

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тегишли экспертизадан ўтиб, тасдиқланганидан кейин ишчи-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш вақтида конструкция (қияликларнинг баландликка нисбати, ҳимоя ва филтрловчи қопламаларнинг характеристикалари)га лойиҳачи томонидан ўзбошимчалик билан, асослантирилмаган ҳолда тўғоннинг ишончлилиги ва турғунлигини таъминламайдиган даражага олиб келган ўзгартиришлар киритилган.

Қурилишдаги хато ва камчиликлар

Тўғоннинг танасини ташкил қилган тупроқнинг зичлиги лойиҳавий талабдагидан паст ва тупроқ ёт жисмлардан тозаланмаганлиги оқибатида улар чириб, бўшлиқлар ҳосил қилган, ҳимоя қатламига ётқизилган харсанг тошларнинг диаметри лойиҳадаги ўлчамлардан бир неча бор катта бўлган ҳолда харсанг тош қопламаси лойиҳа ҳужжатида белгиланган қалинликдан кам, тошлар нотекис, сифатсиз жойлаштирилган ва катта диаметрли тошлар ўртасидаги бўшлиқлар майда тошлар билан тўлдирилмаган.

Эксплуатациядаги хато ва камчиликлар

Эксплуатация жараёни билан боғлиқ жиддий моддий ва номоддий камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, тўғонга хизмат кўрсатувчи «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси»нинг бевосита тўғонга хизмат кўрсатувчи таркиби зарурий моддий-техник воситалар билан таъминланмаган. Боз устига, ўтказилган малака аттестацияси эксплуатацияга жалб этилган ходимларнинг 56 фоизи зарурий билимга (ихтисос), 82 фоизи малака ва тажрибага эга эмаслигини ва бунинг оқибатида тўғонга сифатли хизмат кўрсатишга, ўпирилиши каби фавқулодда ҳодисаларга олиб келувчи омилларни ўз вақтида аниқлашга қодир эмаслигини кўрсатди.

Юқорида аниқланган ҳолатларни инобатга олган ҳолда экспертиза сув омборини лойиҳалаш, қуриш ҳамда эксплуатация қилиш жараёнидаги қайд этилган хато ва камчиликлар, сув омбори қурилиши 2-босқичи давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган бўлса-да, тўла ҳажмда сув тўпланганлиги якка тартибда ёки уларнинг мажмуйи тўғон ўпирилишига сабаб бўлганлиги ҳақида хулосага келган.

Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғон қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс, жумладан,

  • буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК,
  • лойиҳачи «УзГИП» МЧЖ,
  • бош пудратчи — «Ўзтемир йўлқурилишмонтаж» УК,
  • пудратчи ташкилот «Резаксой сув қурилиш» УК,
  • «Тўпаланг Шеробод» ШК,
  • Сув хўжалиги вазирлиги,
  • Эксплуатация дирекцияси

мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209 (Мансаб сохтакорлиги), 258 (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши доирасида қурилишга сарфланган бюджет маблағларининг асослилигини текшириш мақсадида ҳужжатли тафтиш ва бажарилган ишлар ҳажмларининг назорат ўлчови тайинланиб, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси мутахассислари раҳбарлигида мутасадди идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари олиб борилмоқда.

Тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дастлабки терговни ҳар томонлама ва тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳамда жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилди.

Источник

Сардоба сув омборини ким қурган?

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида 1 май куни эрталаб тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Ушбу ҳодисадан сўнг жамоатчиликда бу нима учун содир бўлгани ҳақида саволлар туғилди, сув омбори қурилишида иштирок этадиган компаниялар номига айбловлар айтила бошланди. Хулоса чиқаришга ҳали эрта. Ҳодиса сабаблари терговда аниқланади. «Gazeta.uz» очиқ маълумотлар ва ахборот манбалари асосида лойиҳа тафсилотларини аниқлашга ҳаракат қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сув омбори қурилиши 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи сув оқими ҳудудида бошланиб, 2017 йилда якунланди. Гидротехника иншооти 922 миллион кубометр сув сиғимига эга экани ва бу Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларининг унумдор ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга имкон бериши хабар қилинган эди.

2017 йилнинг 17 май куни Президент Шавкат Мирзиёев сув омбори билан танишар экан, гидроэнергетика соҳасида янги компания ташкил этиш бўйича режаларни баҳам кўрди. Кейинги куни давлат раҳбарининг «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти таркибига кирган гидроэлектрстанциялар, гидротехник ва гидроэнергетика билан боғлиқ бошқа бўлинмалар, шунингдек, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг «Ўзсувэнерго» бирлашмасига қарашли бўлган барча гидроэлектростанцияларни бирлаштирувчи «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги фармони қабул қилинди.

«Ўзсувэнерго» бирлашмасига раҳбарлик қилган, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида «ТўпалангсувГЭСқурилиш» МЧЖ бошқаруви раиси бўлиб ишлаган сенатор Абдуғани Сангинов янги компания бошқаруви раиси этиб тайинланди.

«Ўзбекгидроэнерго» компанияси мамлакатнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, электр энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланадиган гидроэнергетика ресурслари улушини изчил ошириш, янги экологик тоза энергия ҳосил қилувчи қувватларни ташкил этиш, мавжуд ГЭСларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, гидроэнергетикани ривожлантиришга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришни таъминлаш билан шуғулланади.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров, «Ўзбекгидроэнерго» раиси Абдуғани Сангинов ва Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 2 майда тўғон ўпирилган жойда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Davletovuz Telegram-канали гидроэнергетика соҳасида To‘palang HPD Holding ва унинг тузилмавий компаниялари (To‘palang HPD Platinum, To‘palang HPD Water Construction, To‘palang HPD Building, To‘palang HPD Irrigation Systems, To‘palang HPD Steam — Gas, To‘palang HPD Service, To‘palang HPD Engineering) амалга ошираётган лойиҳаларга эътибор қаратди.

«Gazeta.uz» маълумотларига кўра, To‘palang HPD Holding Президентнинг 2003 йил 24 январдаги фармони талаблари асосида «Тўпаланг сув омбори ва ГЭС қурилиш»нинг «ТўпалангсувГЭСқурилиш» МЧЖ этиб қайта ташкил этилиши натижасида вужудга келган, 2017 йил декабрида яна қайта ташкил этилган. Унинг асосий фаолият турлари ГЭС, сув хўжалиги иншоотлари, гидроузеллар қуриш, канал ҳамда дренажлар қазиш ва бошқаларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишдан иборат.

«Ўзбекгидроэнерго» матбуот хизмати 21 апрель куни Сардоба сув омбори қошида To‘palang HPD Irrigation Systems иштирокида кичик ГЭС қурилиши бошланганини маълум қилган эди. Лойиҳа қиймати 21,3 миллион еврога тенг бўлиб, объектни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Компания To‘palang HPD Holding томонидан Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС (лойиҳа қиймати 180 миллион доллар), шунингдек, Пскем дарёсида Пскем ГЭС (810 миллион долларга баҳоланмоқда) лойиҳаларида ҳам қурилиш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.

To‘palang HPD Platinum Хоразм вилояти Тошсоқа магистрал суғориш каналлари тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси (29,7 миллион долларга баҳоланган) устида ҳам иш олиб бормоқда.

Бундан ташқари, To‘palang HPD Building 2019 йил 9 июль куни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Катта Фарғона каналида Кичик гидроэлектр станциялар каскадини фойдаланишга топширди (31 миллион долларга баҳоланган).

2019 йил мартида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида Туябўғиз сув омборида To‘palang HPD Irrigation томонидан қурилган кичик ГЭС очилди (16,3 миллион долларга баҳоланган).

To‘palang HPD Building Сурхондарё вилоятида «Термиз марвариди» санаторияси қурилишида ҳам иштирок этган.

«Ўзсувлойиҳа» лойиҳа институти кузатув кенгашининг беш нафар аъзосидан икки нафари — To‘palang HPD Holding вакили ҳисобланади. «Ўзсувлойиҳа» компанияси Андижон туманида Куйганёр гидроузели қуйи қисмини ювилишдан сақлаш учун ҳимояловчи иншоотни қуриш лойиҳаси, Навоий вилоятида «Конимех-1» насос станциясини реконструкция қилиш ва бошқаларда бош лойиҳаловчи ҳисобланади.

«Ўзбекгидроэнерго» ва To‘palang HPD Holding юридик манзили мос тушади: Тошкент, Навоий кўчаси, 22.

Холдингдаги 61,7 фоиз улуш Ислом Абдураҳмоновга тегишли. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотлари.

To‘palang HPD Holding директори Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов — Абдуғани Сангиновнинг ўғли.

«Gazeta.uz»га маълум бўлишича, To‘palang HPD Water Construction компанияси Сардоба сув омбори қурилишида қатнашган 10 дан зиёд субпудратчилардан бири бўлган.

Лойиҳа қиймати

Сардоба сув омбори қурилиши тўғрисидаги ҳужжат очиқ маълумотларда мавжуд эмас. Гидроиншоот ҳозир ҳам «Ўзбекистон темир йўллари» ҳисобида.

«Gazeta.uz» гидроиншоотнинг ҳали ҳам «Ўзбекистон темир йўллари» ҳисобида турганини аниқлашга муваффақ бўлди. Сардоба сув омбори қурилиши 2017 йил 1 январь ҳолатида 1 триллион 306 миллиард 940 миллион 400 минг сўм (Марказий банкнинг 2017 йил 1 январдаги курси бўйича 404,4 миллион доллар).

Очилбой Раматов, Шавкат Ҳамроев, Шавкат Мирзиёев ва Абдуғани Сангинов, 2017 йил, май.

Фото: «O‘zbekiston» канали, ЎзА.

2017 йил май ойида Президентга тақдимот маросимида «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг собиқ раиси Очилбой Раматов (ҳозирги бош вазирнинг биринчи ўринбосари), қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев (ҳозирги сув хўжалиги вазири) ва «Ўзсувэнерго» раиси Абдуғани Сангинов (ҳозирда «Ўзбекгидроэнерго» раиси) иштирок этди.

«Ўзбекгидроэнерго» изоҳи

«Биз миллий ва хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда Сардоба сув омборида юзага келган вазият бўйича «Ўзбекгидроэнерго» АЖ обрўсига путур етказувчи асоссиз ва юзаки хулосалар, нотўғри талқинларга расмий муносабатимизни билдиришни хоҳлардик», — дейилади компания матбуот котиби Равшан Бойқуловнинг «Gazeta.uz» таҳририятига юборган хабарида.

Сардоба сув омборининг 2010−2017 йилларда қурилганини қайд этар экан, компания вакили собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги объект буюртмачиси эканини таъкидлади. «Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси бош пудратчи сифатида танланган. Объект қурилишида иштирок этган 10 дан ортиқ субпудратчи ташкилотлар, жумладан «Ўзмахсусқурилиш», Omad Dubl, BOYOVUD қаторида «Резаксой сув қурилиш» (ҳозирги — To‘palang HPD Water Construction) қурилиш жараёнида ўзига ажратилган қисмда қурилиш ишларини олиб борган.

To‘palang HPD Water Construction томонидан олиб борилган ишлар тегишли комиссия томонидан белгиланган тартибда қабул қилиб олинган, дея маълум қилди матбуот котиби.

«Биз To‘palang HPD Holding МЧЖ Сардоба сув омборининг авария содир бўлган қисмида қурилиш ишларини олиб бормагани, Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевич эса 2010−2017 йилларда To‘palang HPD Holding МЧЖ ва унинг филиалларида умуман ишламаганини таъкидлашни хоҳлардик. Бундан ташқари, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Президентнинг 2017 йил 18 майдаги №УП-5044 фармони билан ташкил этилган. Шундай қилиб, қайд этиш жоизки, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Сардоба сув омбори қурилиши учун жавобгар эмас ва унда иштирок этмаган», — деди Равшан Бойқулов.

Унинг қайд этишича, Сардоба сув омборидан фойдаланиш бўйича назорат фаолияти «Давсувхўжаликназорат» (Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси) томонидан амалга оширилади.

«Юқорида келтирилганларга асосланиб, биз ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларнинг асоссиз ва ёлғон эканини маълум қиламиз», — деди у.

Источник

Оцените статью